Суданда 25 миллион киши очликдан азият чекмоқда, шу жумладан 770 минг бола бу йил ўткир тўйиб овқатланмасликнинг оғир шаклига дучор бўлади. Бу ҳақда Женевадаги брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Шарқий Ўрта ер денгизи бўйича минтақавий директори Ханан Балхи маълум қилди.

“Эътибордан четда қолаётган яна бир ҳалокатли инқироз - бу Судан... Очлик ва тўйиб овқатланмасликдан 25 миллион киши, жумладан, бу йил ўткир тўйиб овқатланмасликнинг оғир шаклига дучор бўлган 770 минг бола азият чекмоқда”, - дейди Ханан Балхи.
Балхининг қўшимча қилишича, вабо, полиомиелит, қизамиқ, денге иситмаси ва безгакнинг бир вақтнинг ўзида тарқалиши можаро туфайли издан чиққан соғлиқни сақлаш тизимига зарар етказмоқда.
ЖССТ маълумотларига кўра, тиббиёт муассасалари, тез ёрдам машиналари, беморлар ва тиббиёт ходимларига қарши 167 та тасдиқланган ҳужумлар натижасида 1120 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
2023 йил 15 апрелдан бери Суданда Муҳаммад Ҳамдан Дагло бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари ва мунтазам армия ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда.
2025 йил май ойи бошида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебреесус Судандаги можаро оқибатида 32 мингга яқин одам ҳалок бўлгани, аҳолининг 30 фоизи кўчиб кетишга мажбур бўлгани, 20 миллион киши эса гуманитар ёрдамга муҳтожлигини маълум қилганди.
Дунёда ўткир озиқ-овқат тақчиллиги сабабли қарийб 300 миллион киши очликдан ўлиш мумкинлиги ма`лум қилинганди.
Апрель ойида АҚШ тиббий ёрдам дастурлари қисқартирилгани сабаб Жанубий Суданнинг шарқий Жонглей штатида камида саккиз киши, жумладан беш нафар бола ҳалок бўлди. Гап шундаки, улар маҳаллий клиникалар ёпилгани боис иссиқда уч соатлик йўл босиб, вафот этган.
Изоҳ (0)