Россия Федерацияси коммунистик партиясидан сайланган Ханти-Манси автоном округи думаси депутати парламент йиғилишида округни “ўзбекларнинг тарихий ватани” сифатида кўриш мумкинлигини айтди.
Маълум қилинишича, Ханти-Манси автоном округи думаси мажлисида парламент аъзолари ўртасида маҳаллий халқларнинг туғилиши ва ўлими ҳақида мунозара юз берган. Россия Федерацияси коммунистик партиясидан сайланган депутат Холид Таги-заде ўзбекистонлик муҳожирлар ХММОга “ўзларининг тарихий ватанига” қайтаётганини айтиб, ҳамкасбларига Сибир хонлиги тарихини эслатган.
“Мигрантлар ҳам турли хил бўлади. Масалан, ўзбекларга келсак: Югра ва Тюмен вилоятининг бир қисми тарихан Сибир хонлиги эди. Маълумки, Кучум хон сўнгги ҳукмдор бўлган. У эса Шайбонийлар сулоласига мансуб. Мана шу Шайбонийлар сулоласи — Бухоро хонлигидан чиққан ҳукмрон ўзбек сулоласи ҳисобланади. Эҳтимол, муҳожирлар бу ерга ўзларининг тарихий ватанига келаётгандек келишаётгандир?”, деди депутат мажлис давомида.
Дума раиси бунга жавобан Таги-заданинг яна бир муҳимроқ масалага қайтишини сўраган.

Таги-заденинг фикрлари турли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Россия либерал-демократик партиясидан давлат думаси депутати Владимир Сисоев Россия Федерацияси бош прокурори Игор Красновга мурожаат қилиб, Тюмен вилояти думасининг Коммунистик партиядан депутати Холид Тағизоданинг “Ўзбекистоннинг Сибир ерлари” ҳақидаги фикрларини текширишни сўраган.
“Россия ҳукуматининг муҳожирларга нисбатан юмшоқ муносабати мамлакатда бутун бошли муҳожирлар гуруҳи шаклланишига олиб келди. Бу одамлар яқинда бизнинг диаспоралар ва муҳожирлар жамоаларини ошкор қилиш ҳамда қонуний доирага олиб чиқиш ташаббусларимизга қарши чиқишган эди. Энди улар бизнинг ерларимизни қўлга киритмоқчи”, дейди Владимир Сисоев.
Сисоев ушбу сўзларга ҳуқуқий баҳо беришни ва уларда Россиянинг ҳудудий яхлитлигини бузишга чақириқлар, шунингдек, миллий асосда нафрат ёки душманлик уйғотиш белгилари бор-йўқлигини аниқлашни талаб қилган.
Унинг фикрича, бундай баёнотлар аниқ сиёсий мазмунга эга ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан тезкор муносабат билдиришни талаб этади. Шу билан бирга, парламент аъзоси ҳар қандай ҳаракатлар қатъий қонун доирасида амалга оширилиши кераклигини таъкидлаган, чунки унинг сўзларига кўра, “муҳожирлар экспансиясини гап-сўз ва ишонтириш билан тўхтатиб бўлмайди”.

Консерватив журналист Роман Головановнинг фикрича, Таги-заде айтган фикр даҳшатли ёлғон ҳисобланади.
“Нима бўлаётганини тушуниб турибсиз. Бу баёнотга ҳуқуқ-тартибот идоралари қаттиқ баҳо бериши лозим. Руслар Ўрда ҳукмронлиги остида бўлган ва айнан Ўрда бу ерда давлатчиликни шакллантирган, деган овозлар эшитилмоқда. Бу даҳшатли ёлғондир”, дейди Голованов.
Журналистнинг айтишича, агар бундай ҳолатларга чек қўйилмаса, қирғизлар ва тожиклар Москва ва Қримни туркларнинг тарихий ерлари деб даъво қилишлари мумкин.
“Агар бугун бу тўхтатилмаса, эртага қирғизлар ёки тожиклар Москванинг азалдан ўзларига тегишли эканини даъво қилишади, Қрим эса шубҳасиз тарихий турк ерлари деб эълон қилинади, бутун Волгабўйи Марказий Россиядан Уралгача, балки ундан ҳам нарига хоқонлик деб атала бошланади. Қрим, Донбасс, Херсон ва Запорожье масаласи ҳам худди шу ерда кўтарилади”, дейди Роман Голованов.

Москва шаҳар думаси депутати, журналист Андрей Медведев эса давлат думаси депутатларидан ҳамкасбининг Сибир аслида ўзбек ҳудуди экани ҳақидаги сўзларига қандай муносабатдалигини сўраган.
Унинг фикрича, бу ажабланарли эмас, чунки сўнгги йилларда партия кенг кўламли сиёсий иттифоқларни намойиш этган: миллий диаспоралар билан ҳамкорликдан тортиб “Ақлли овоз бериш” ташаббусларида иштирок этишгача, турли сўл ёшлар бирлашмалари, жумладан, очиқдан-очиқ Россияга қарши қарашларга эга бўлганлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишгача.
“Ленин мероси атрофидаги ҳар қандай баҳс-мунозарага қарши курашишни ёқтирадиган микроблогер Афонин, КPRФ аъзосининг баёноти ҳақида қандай фикрда эканини билгим келади. Франко атрофида аллақандай тўполон кўтаришга уринаётган ўта фаол коммунист Исаков (айтганча, навалнийчиларнинг “Ақлли овоз бериш”и томонидан қўллаб-қувватланган) КPRФ аъзосининг нуқтайи назари ҳақида нима деб ўйлайди? Франко ҳам, Ленин ҳам анча олдин вафот этган. Асл ўзбекона Сибир ҳақида нима дейсизлар, қизил партиячи ўртоқлар?”, дейди Андрей Медведев.
Изоҳ (0)