2025 йил 26 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди. Конференцияда “Мажбуриятдан ҳаракатга: болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича стратегия ва миллий истиқболлар” мавзуси муҳокама қилинди.

Тадбирда давлат идоралари раҳбарлари, суд-ҳуқуқ тизими, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакиллари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, ёшлар ҳамда Марказий Осиёдаги хорижий давлатлар элчилари иштирок этди.
Конференция доирасида Ўзбекистон болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш йўлида глобал ва миллий саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида “Богота ҳаракатлар чақириғи” ташаббусига Миллий мажбуриятини эълон қилди.
Мазкур мажбурият Ўзбекистон томонидан сўнги икки йил ичида болаларни ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилган қатор муҳим ҳуқуқий ва инситуционал ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Энг муҳим қадам — “Болаларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 2025 йил 15 май куни кучга киргани бўлди.
Қонунга кўра, боланинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда қонун билан ҳимояланадиган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган, жисмоний ёки руҳий азоб етказаётган ёки етказиши мумкин бўлган ва унинг асосий эҳтиёжларига зид бўлган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик, шу жумладан, интернетдан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) болаларга нисбатан зўравонлик деб эътироф этилади.
Жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва таъқиб этиш (буллинг) болаларга нисбатан зўравонликнинг шакллари бўлиб, қонун билан тақиқланади ва таъқиб қилинади, дейилади ҳужжатда.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Норбоева Танзила Камаловна муҳим нутқ сўзлади.
Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш масаласи — нафақат алоҳида давлатларнинг, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг кун тартибидаги энг долзарб масалалардан биридир. Шу боис болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Бундан ташқари, болалар ва аёлларнинг барча тизимли ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари, жумладан зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг янгиланган асосий қонуни — Конституцияда мустаҳкамланган. Шунингдек, 50 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати ва 400 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу эса соҳада изчил ёндашув ва мустаҳкам институционал асос яратилганини кўрсатади.

Тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шахноза Мирзиёева ўз нутқида қуйидаги жумлаларни айтди:
Барча болажонларни ёвузликлардан асраш — биз эришишимиз лозим бўлган энг олий мақсад. Зулмга барҳам бериш — фақатгина ҳуқуқий эмас, инсоний бурчимиздир! Чунки болаларнинг бегонаси бўлмайди. Болалар азобининг ҳам. Бугун болажонларимизнинг овозини тинглай олиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Биз барчани “митти қалбларнинг катта оғриқлари”га қулоқ солиш, уларга гапиришга имкон беришга чорлаймиз.

Болаларнинг ҳуқуқларини тарғиб қилувчи “Ҳаққим бор” номли қисқа метражли фильм намойиши этилди. Фильмда болаларнинг кундалик ҳаётида дуч келаётган ноҳақликлар, зўравонлик ҳолатлари ва уларнинг ички кечинмалари очиқ кўрсатилди. Бу лавҳалар кўплаб иштирокчиларнинг кўзига ёш келтирди, яна бир бор зўравонликка қарши ҳаракат қилиш зарурлигини эслатди.

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш масаласи жуда муҳим. Чунки 38 миллиондан ортиқ аҳолининг ярмидан кўпини болалар ва ёшлар ташкил этади.


2024 йилда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ қуйидаги ҳолатлар қайд этилган:
- 412 нафар бола жинсий зўравонликдан жабрланган;
- 1 028 нафар бола жисмоний зўравонликка учраган;
- 929 нафар бола психологик босимни бошидан кечирган;
- 14 нафар бола эксплуатация қурбони бўлган;
- 106 нафар бола катталарнинг қатъий бефарқ муносабатига дуч келган.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг болаларни ҳимоя қилиш йўналишидаги қатъий сиёсий иродасини намоён этиш, амалий чораларни белгилаш ҳамда халқаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
Изоҳ (0)