Тошкент вилоятининг Бўка туманида 19 ёшли аёл ва унинг ҳомиласи ўлимига сабабчи бўлган акушер-гинекологга жазо тайинланди. Бу ҳақда “Миллий” телеканалининг “Миллар” дастурида маълум қилинди.

Воқеа 2024 йилнинг ноябрида юз берганди. Марҳуманинг қариндошлари 19 ёшли келиннинг ўлимига қандайдир укол сабаб бўлганини айтганди. Бўка туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шаҳбоз Рустамов марҳума ўлимида шифокорларнинг айби йўқ деб ҳисоблаганди.
Суд ҳужжатларида аёлнинг ўлимига аллергик реакция оқибатида ривожланган анафилактик шок, ўткир юрак ва нафас қон томири етишмовчилиги сабаб бўлгани кўрсатилган. Аёлнинг саломатлиги тўлиқ ўрганилмасдан, унга дори воситаси юборилган.
Ҳолат юзасидан суд иши жиноят ишлари бўйича Бўка тумани судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, судланувчи аёл Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 3 йил муайян ҳуқуқдан, яъни соғлиқни сақлаш тизимларида тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)