“Водил-Қадамжой”, “Оққия-Аккия” ва “Чашма-Чечме” назорат-ўтказиш масканлари 24 соатлик иш тартибига ўтказилади.

Божхона қўмитасининг хабарига кўра, “Фарғона” чегара божхона пости, Шоҳимардон қишлоғига ўтишдаги “Оқ қия” божхона пункти ва “Сўх” чегара божхона постининг “Чашма” божхона пункти 18 июндан 24 соатлик иш режимига ўтади.
Вилоят ҳокимлиги Фарғона туманидаги “Водил-Қадамжой” ҳам 24 соатлик ишлаш тартибига ўтишини маълум қилди.
Таъкидланишича, мазкур чора-тадбирлар постларда юзага келадиган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилмоқда.
2024 йилнинг июлида “Фарғона” чегара божхона пости ҳамда “Оқ-қия” божхона пункти узлуксиз ишлайдиган бўлгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур янгилик Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг 2024 йил 18 июль куни Тошкент шаҳридаги учрашувида эришилган келишувлар доирасида амалга ошганди.
Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида томонлар иккала давлат чегарасида жойлашган чегара божхона постларидан самарали фойдаланиш масаласини кўриб чиққан эди.
Шундан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон божхона ҳамда чегара хизмати раҳбарлари Фарғона вилоятидаги чегара-божхона постлари фаолиятини биргаликда кўздан кечириб, янги божхона постларини ташкил этиш ва мавжудларидан самарали фойдаланиш, божхона постларида тирбандликларнинг олдини олиш борасида мавжуд имкониятларни таҳлил қилди.
Фарғонада 2024 йил 12 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказган йиғилишда “Водил” ва “Оқ-қия” чегара ўтказиш пунктлари халқаро мақомга эга эмаслиги сабаб хорижий туристлар Шоҳимардон ва Ёрдонга Ўш орқали айланиб ўтишга тўғри келаётгани айтилганди.
Президент бу борада қўшни мамлакат билан тегишли музокаралар олиб борилаётганини таъкидлаб, мутасаддиларга Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари, Водил шаҳарчасининг мастер режасини ишлаб чиқишни топширганди.
Изоҳ (0)