Қашқадарё вилоятида Damas автомобилида 17 нафар бола олиб кетилаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар берди.

Маълум қилинишича, Чироқчи туманида ЙПХ ходими томонидан Damas русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, транспорт воситасида жами 17 нафар вояга етмаган болалар ва фуқароларни олиб кетилаётгани аниқланган.
“Болаларни уйга олиб бориб қўйинг, илтимос дейишгани учун олиб кетгандим. Қилган ишимдан пушаймонман. Ҳурматли юртдошлар, эҳтиёт бўлинглар. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этинг”, дейди ҳайдовчи.
Қоидаларга кўра, 12 ёшга тўлмаган болаларни ушлаб турувчи махсус қурилма ўрнатилмаган транспорт воситасининг олд ўриндиғида ташиш тақиқланади. Шунингдек, ташилаётган йўловчилар сони транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ бўлмаслиги керак.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида боғча мудираси 25 нафар болани ўз Spark’ида олиб кетаётганида тўхтатилганди. Бундан ташқари, Сурхондарёда ҳам ҳайдовчи Damas’да 25 нафар боғча боласини олиб кетаётгани маълум бўлган эди.
Самарқанд вилоятида ҳам Damas ҳайдовчиси 15 нафар бола ва оналарини олиб кетаётгани аниқланганди.
Изоҳ (0)